Жорий йилги мавсумда муносиб иштирок этишни кўзлаётган «Динамо» клубининг йиллик бюджети ошириладиган бўлди. Хабарингиз бор, 2011 йил бошида ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган қарорга мувофиқ, Олий лига клубларига ҳомийлар бириктирилган эди. Жумладан, вилоятнинг бош жамоаси «Динамо» клубига ҳам Самарқанд вилоятидаги бир қатор бақувват корхона ва фирмалар ҳомий сифатида белгиланган эди. Бунинг натижасида клубнинг ўтган йилги йиллик бюджети қарийб 5 миллиард сўмни ташкил этганди. 2012 йилда эса «Динамо» клубининг бюджети янада оширилиш кутилмоқда. Хусусан, Самарқанд вилоят Футбол Федерацияси президенти, вилоят ҳокими Зоир Мирзаевнинг қарорига мувофиқ жамоанинг бу йилги умумий йиллик бюджети оширилади. Бу қанча суммани ташкил этиши клуб ҳомийлари ва мутасаддилар йиғилишидан сўнг маълум бўлади. Эслатиб ўтамиз, ЎФФ президенти қарорига биноан, миллий чемпионатимиз клубларининг йиллик бюджети 3 миллиардан кам бўлмаслиги лозим.
Яқинда «Қизилқум» клубида Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги мураббийлар иш бошлагач, жамоанинг ўтган йилги бош мураббийи Сергей Арслонов зарафшонликлар клубини тарк этишга қарор қилди. Олган маълумотларимизга кўра, Сергей Арслонов энди Самарқандда фаолият юритади. Асли тожикистонлик бўлган ушбу мутахасис «Динамо» клубидан таклиф олган ва жорий мавсумда жамоада ёрдамчи мураббий сифатида иш олиб бориши кутилмоқда. Мураббийлар штабидан Сергей Ковшов жамоани тарк этган. Эслатиб ўтамиз, Сергей Арслонов Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида ҳам Аҳмад Убайдуллаевга ёрдам берганди.
Сўнгги уч йиллик фаолиятини «Олмалиқ»да ўтказган туркманистонлик ҳимоячи Мурод Ҳамроев яна «Динамо» жамоаси сафига келиб қўшилди. «Олмалиқ» клубидаги ишончли ўйинлари билан мухлислар ишончини қозонган Мурод Ҳамроевнинг «кончилар» билан шартномаси 2012 йилда якунига етганди. Шундан сўнг Туркманистон терма жамоаси футболчиси Самарқанд жамоаси таркибидан ўрин олди. Ёдингизда бўлса, 28 ёшли ушбу футборлчи 2006, 2007 ва 2008 йилги мавсумларда ҳам «Динамо» клубини шарафини ҳимоя қилганди.
Якунланган мавсумнинг иккинчи даврасида «Динамо» жамоаси дарвозасини қўриқлаган Андрей Мельничук янги мавсумни яна «Динамо»ла бошлаши мумкин. Олган маълумотларимизга кўра, Мельничук куни кеча Украинадан Ўзбекистонга қайтган. Тажрибали дарвозабон ҳозирда жамоанинг Тошкентдаги йиғинида бўлиб турибди ва шу кунларда жамоа машғулотларига қўшилиши кутилмоқда. ПФЛнинг легионер дарвозабонлар борасида ҳали аниқ қарорга келмаганлиги туфайли бу дарвозабон яна «Динамо» сафига қайтмоқда. Эслатиб ўтамиз, Андрей Мельничук иккинчи даврада Аҳмад Убайдуллаев қўл остида тўп суриб самарқандлик мухлислар ишончини оқлаганди.
Мавсум тараддудини 5 январь куни пойтахтда бошлаган «Динамо» жамоаси ҳозирда машғулотларга зўр берган. Клубдан олган маълумотларимизга кўра, машғулотларда иштирок этаётган Раҳматулло Бердимуродов жамоани тарк этган ва «Шўртан» сафига бориб қўшилган. Ҳозирда жамоа сафига «янгилар»дан ўтган мавсумни «Навбаҳор» сафида ўтказган Рўзим Ахмедов келиб қўшилган. Ёдингизда бўлса, бу футболчи ўтган йил бошида ҳам клуб машғулотларида иштирок этганди. Жамоа шу кунларда ўртоқлик учрашувида майдонга тушади.
Бугун ЎФФ биносида XXI миллий чемпионат баҳсларига қуръа ташланди. Бунга кўра, «Динамо» клуби дастлабки учрашувни Самарқандда ўтказадиган бўлди. Илк турнинг марказий ўйини, дея эътироф этилаётган қарама-қаршиликда «Динамо» Олий лиганинг ўтган йилги кумуш медали соҳиби Қаршининг «Насаф» жамоасини қабул қилади. Иккинчи турда эса жамоамиз водийга сафар қилади ва Фарғонанинг «Нефтчи» жамоаси меҳмони бўлади. Умуман олганда, бўлиб ўтган қуръа дастлабки турларда анча жиддий рақибларни тақдим этди. «Насаф», «Нефтчи» билан учрашувдан кейин «Пахтакор» 3-турда Самарқандда меҳмон бўлади. Қуйида жамоамизнинг барча ўйинлари келтирилган. Чемпионатга 15 март куни старт берилиши кутилмоқда. Якуний тақвим ПФЛ томонидан 1 февраль куни эълон қилинади. Олий лига – 2012 1-тур: «Динамо» – «Насаф» 2-тур: «Нефтчи» – «Динамо» 3-тур: «Динамо» – «Пахтакор» 4-тур: «Андижон» – «Динамо» 5-тур: «Динамо» – «Машъал» 6-тур: «Қизилқум» – «Динамо» 7-тур: «Динамо» – «Шўртан» 8-тур: «Навбаҳор» – «Динамо» 9-тур: «Динамо» – «Бунёдкор» 10-тур: «Металлург» – «Динамо» 11-тур: «Динамо» – «Бухоро» 12-тур: «Олмалиқ» – «Динамо» 13-тур: «Динамо» – «Локомотив»
Якунланган мавсумнинг иккинчи қисмини Самарқандда ўтказиб, «Динамо» мухлислари ишончини оқлаган Раҳматулло Бердимуродов янги мавсумни ҳам «Динамо» сафида бошлашга яқин турибди. Ўтган йилда бўлгани каби бу йил ҳам «Насаф» клубига тегишли бўлган бу футболчи «Динамо» сафида ижарада тўп суради. Раҳматулло куни кеча Аҳмад Убайдуллаев қўл остидаги жамоага келиб қўшилди. Шунингдек, «Насаф» клуби вакили Жасур Бобоев ҳам янги мавсумни кўҳна шаҳар жамоасида бошлаши мумкин. Ушбу яримҳимоячи ҳозирда жамоа кўригида иштирок этмоқда. Эслатиб ўтамиз, «Динамо» футболчилари 15 декабрь куни Самарқандда йиғилишган ва 10 кун давомида янги мавсумга тараддуд кўришди. Иккинчи босқич тайёргарлик йиғинлари янги йилнинг биринчи ҳафтаси якунида бошланади.